20:15 09.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚОНУН ҲАМ ДАВЛАТ, ҲАМ БИЗНЕС МАНФААТИГА БИРДЕК ХИЗМАТ ҚИЛСИН

Фракциялараро тортишув



Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган «Акциядорлик жамиятлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракциялараро тортишувларга сабаб бўлмоқда.

O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да илгари сурилган мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодиёти учун ниҳоятда долзарб бўлиб, корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, хўжалик юритишнинг ниҳоятда муҳим шакли бўлган акциядорлик жамиятлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасидан кўзда тутилган мақсад амалдаги қонун нормаларини аниқлаштириш асосида корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантириш, акциядорларнинг, жумладан, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлик даражасини ошириш, акциядорлик жамиятларининг бошқарув ва назорат органлари ролини кучайтиришдан иборатдир. Шунингдек, унда акциядорлар ва потенциал инвесторлар учун АЖлар фаолияти тўғрисидаги ахборотлар ошкоралилигини таъминлаш кўзда тутилган. 

Шу ўринда акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, улар фаолиятини йўлга қўйиш, тугатиш ҳамда акциядорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатлар қонун лойиҳасининг ҳуқуқий тартибга солиш предмети ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қонун лойиҳаси устида иш олиб бораётган ишчи гуруҳи аъзоларининг қайд этишларича, ушбу қонун келажакда акциядорлик жамиятларини иқтисодиётнинг муҳим бўғинларидан бири сифатида янада равнақ топишига ҳам мустаҳкам асос яратади. Бундан ташқари, лойиҳада акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, устав фондини шакллантириш, қимматли қоғозларнинг реал бозор қийматини аниқлаш, жамият акцияларини оммавий таклиф этиш йўли билан жойлаштиришнинг норматив асослари ҳам ўз аксини топган.

Шунингдек, қонун лойиҳасида бошқарув органларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва жавобгарлиги ҳам аниқ-тиниқ белгилаб қўйилмоқда. 

Бу, миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолатлари аниқ белгиланаётгани ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари кучайтирилиши билан боғлиқдир. 

Яна бир муҳим  жиҳат: янги қонун лойиҳасига ислоҳотларнинг энг асосий принципи — очиқлик ва ошкораликни таъминлаш талабларига мос равишда акциядорлар ва потенциал инвесторларнинг жамият фаолияти тўғрисидаги ахборотлар олиш имкониятини аниқ белгилаб берувчи нормалар киритилганини таъкидлаш лозим. Қонун лойиҳаси устида ишлаш жараёнида ишчи гуруҳи томонидан дунё тажрибасининг илғор жиҳатлари атрофлича ўрганилиб, улар асосида мамлакатимиз шароитига мос ижобий амалиёт ишлаб чиқилганлигини ҳам қайд этиш мумкин. 

Албатта, қонун лойиҳаси корпоратив бошқарув билан боғлиқ мураккаб масалаларни қамраб олгани боис Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги муҳокамалар чоғида фракциялараро тортишувларга сабаб бўлмоқда.

Хусусан, O’zLiDeP фракцияси аъзолари мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига келиб тушганидан кейин бир қатор таҳлил марказлари ҳамда фракция қошида доимий фаолият юритаётган Экспертлар кенгаши имкониятларидан фойдаланган ҳолда лойиҳани атрофлича муҳокама қилмоқдалар. Фракция ташаббуси билан эса вилоятларда фаолият юритаётган деярли барча акциядорлик жамиятлари мутасаддилари жалб этилиб, ўндан ортиқ давра суҳбати ўтказилди. Уларда 600 нафардан зиёд соҳа мутахассиси, иқтисодчи иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазасини билдирди. Бошқача айтганда, муҳокама жараёнида соҳага дахлдор бўлган субъектларнинг фикри, мулоҳазалари чуқур ўрганилди. Бу эса нафақат лойиҳа юзасидан фракция фикрини шакллантириш, балки қонун лойиҳасининг бир қатор нормаларини такомиллаштиришга ҳам ижобий таъсир этди. 

Энди қонун лойиҳаси юзасидан бевосита тортишувларга сабаб бўлаётган асосий жиҳатларга тўхталсак.

O’zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, мамлакатда акциядорлик жамиятлари, умуман, корпоратив бошқарув тизимига кучли ижобий таъсир этадиган институт бу — қимматли қоғозлар, жумладан, акциялар иккиламчи бозорининг жадал ривожланишидир. Чунки иккиламчи бозордагина акцияларнинг ҳақиқий бозор баҳоси аниқланади. Шу йўл билан акциялар бозори ҳам ривожланади. Акциялар чиқарилиши, акциядорлик жамиятлари шаклида иш юритишнинг бошқа турларидан устунлиги ҳам айнан шу билан, яъни акцияларни иккиламчи бозорга чиқариш ва қўшимча сармояни корхонани ривожлантиришга йўналтириш имкони яратилиши билан белгиланади. Бу маблағ нафақат соҳани модернизация қилиш, балки миллий иқтисодиётимиз учун ҳам ниҳоятда муҳим бўлган инновацион ривожланиш учун зарур молиявий манбаа яратишга олиб келади. 

Қолаверса, айнан иккиламчи бозордаги акциялар баҳосига қараб, у ёки бу акциядорлик жамиятининг қай даражада муваффақиятли ёки аксинча фаолият олиб бораётганини баҳолаш мумкин. Зеро фақат шу йўл билангина аҳоли маблағи, чет эл инвестицияларини соҳага жалб этиш мумкин бўлади. Ана шундай талабдан келиб чиқиб, O’zLiDeP иккиламчи бозорни ривожлантириш учун етарлича ҳуқуқий асосларни яратиш бугунги кундаги энг асосий масалалардан бири деб ҳисобламоқда ва қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида ушбу ёндашувга таяняпти. 

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари эса иккиламчи бозорни ривожлантириш масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозимлигини таъкидламоқдалар. Уларнинг фикрига кўра, қимматли қоғозлар, хусусан, иккиламчи бозорда акциялар савдоси асосан учинчи томон, яъни ўзига хос «даллол»лар томонидан амалга оширилишини унутмаслик керак. Бундай ҳолат эса акциялар баҳосини белгилашда унинг реал даражасидан эмас, балки сунъий равишда белгиланувчи спекулятив ёндашувлар асосида амалга оширилади. Натижада қимматли қоғозлар бозорида молиявий «кўпиклар» вужудга келади. Бундай «кўпиклар» охир-оқибат қандай натижаларга олиб келганини ҳалигача жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларини бартараф эта олмаётган давлатлар мисолида кўриш мумкин. 

Албатта, қимматли қоғозларнинг иккиламчи бозорини ривожлантириш билан боғлиқ айрим хавф-хатарлар мавжудлигини ҳеч ким инкор этаётгани йўқ. Лекин O’zLiDeP фракцияси аъзоларининг алоҳида таъкидлашларича, ушбу масалаларга ҳам қонун асосида ечим топиш, хусусан, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши муносабати билан айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали ҳал этиш мумкин.

O’zLiDeP билан ХДП фракциялари ўртасида концептуал тортишувларга сабаб бўлаётган яна бир жиҳатга эътибор қаратайлик.

ХДП фракцияси аъзолари айни пайтда ҳиссадорлик асосида фаолият юритаётган корпорациялар, акциядорлик жамиятлари (масалан, давлат акциядорлик компаниялари)да айнан давлат улуши асосий қисмни ташкил этаётгани, демакки, тақдим этилаётган лойиҳада бундай жамиятлар билан давлат, аниқроғи, давлат томонидан ваколатли этиб белгиланган давлат идораси ўртасидаги муносабатлар аниқ белгилаб қўйилиши масаласи ўртага қўйилмоқда. Уларнинг фикрича, бу турдаги хўжалик субъектларининг нафақат бюджетни шакллантириш, балки аҳолини иш билан таъминлашдаги муҳим ўрни бундан кейин ҳам давлатнинг етакчи ўрнини сақлаб қолишни тақозо этади. Демак, қонун лойиҳасида ушбу хусусиятлар тўлароқ акс эттирилиши лозим.

O’zLiDeP фракцияси аъзолари эса аксинча, давлатнинг бундай корпорациялар, хусусан, ҳиссадорлик жамиятларидаги улуши босқичма-босқич қисқартирилиши керак, деб ҳисобламоқдалар. Чунки ушбу хўжалик субъектлари давлат маблағлари ҳисобига фаолият юритишдан, аста-секинлик билан корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, қолаверса ўз акцияларини иккиламчи бозорга чиқариш орқали хусусий қўйилмалар ва чет эл инвесторлари маблағларини жалб этиш ҳисобига иқтисодиётнинг тегишли соҳаларида фаолият юритиши ва ушбу соҳаларни ривожлантириши лозим. Бу, ўз навбатида, давлатнинг бу соҳаларга йўналтирилаётган инвестициялар миқдорини камайтириш, уларни бошқа ижтимоий аҳамиятли масалаларни ҳал этишга йўналтириш имконини ҳам беради. 

Иккинчидан, акциядорлик жамиятлари, энг аввало, бозор муносабатлари институти эканини унутмаслик керак. Демак, давлат ўз маблағлари билан ушбу институтлар фаолиятида иштирок этаётган экан, бозор муносабатларининг субъекти сифатида муносабатга киришади ва ўз маблағларидан фойда (дивиденд) олишдан манфаатдор томон ҳисобланади. Бу эса, энг аввало, давлатнинг ушбу турдаги хўжалик субъектлари фаолиятида иштирок этишидан кўзланган асосий мақсадни белгилаб олиш мақсадга мувофиқ эканини кўрсатади. Фақат давлатнинг (у ваколатли этиб белгилаган идоранинг) акциядорлик жамиятлари фаолиятидаги иштирокидан кўзланган мақсади аниқ белгилангандагина давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатлар тегишли қонунчиликда тўлақонли акс эттирилиши мумкин. 

Бунинг учун эса нафақат кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси, балки ушбу масалаларни тартибга солишга хизмат қилаётган бошқа қонунларга ҳам тегишли ўзгартишлар киритиш лозим бўлади. 

Бу эса, ўз навбатида, давлат ва бизнеснинг ўзаро муносабатларида янада очиқликни таъминлаш, демакки, бизнеснинг янги инвестициялар билан соҳага кенг кириб келиши, бошқача айтганда, иқтисодиётнинг янада юксалишига олиб келади. Бундан эса давлат тўла манфаатдордир. 

Таҳлилчилар бундай фракциялараро тортишувлар қонун лойиҳасининг бошқа нормалари устида ҳам бораётганини таъкидламоқдалар. Энг муҳими, конструктив руҳда кечаётган бундай дебатлар иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бирини тартибга солувчи қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга хизмат қилаяпти. 
Фирдавс ҲАМИДУЛЛАЕВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 9 январь 01 (529)-сон 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме