20:15 09.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҚЎМИТАНИНГ НАВБАТДАГИ ВАЗИФАЛАРИ БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ
Жорий йил 7 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти қуриш – ёруғ келажагимизнинг асосий омилидир” деб номланган маърузасида баён этилган йўналишлардан келиб чиққан ҳолда аграр соҳани ривожлантиришга оид вазифалар белгилаб олинди.
Қўмита раиси М. Тешабоев давлатимиз раҳбари маърузасининг мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилиш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш, соғлом, баркамол авлодни тарбиялашдаги тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Жумладан, маърузада мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, иқтисодиётни барқарор ривожлантиришни таъминлаш ҳамда либераллаштириш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш, соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, мамлакатимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши, бир сўз билан айтганда, унинг ёруғ келажаги сари энг муҳим устуворликлари белгилаб берилди.
Давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсат асосида аграр соҳани жадал ривожлантириш чора-тадбирлари изчил амалга ошириб борилмоқда ва бу ўз навбатида қишлоқда ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш, соҳа бошқаруви тизимига самарали механизмларни, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига эса замонавий технологияларни татбиқ этиш ва ишлаб чиқарувчилар мустақиллигини кенгайтиришнинг асосий омили бўлмоқда.
Бу борада мамлакатда демократик ва бозор ўзгаришлари, кичик бизнес ва тадбиркорлик, фермерликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилганлиги, имтиёз ва кафолатлар мавжудлиги, мулкий муносабатларни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар қайд этилди.
Юртбошимиз томонидан парламентнинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини янада кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамаси ва ижро этувчи органлар фаолияти устидан назорат функцияларини янада кучайтириш ҳамда ички ва ташқи сиёсатдаги стратегик вазифаларни амалга оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатлари борасидаги янги вазифалари белгиланди. Кўп партиявийлик тизими ва партиялараро рақобатни мустаҳкамлаш парламентаризмни ривожлантиришнинг энг муҳим шартлари сифатида белгиланди.
Қўмита аъзолари томонидан давлатимиз раҳбари маърузасида билдирилган фикр-мулоҳазалар, мақсад ва вазифаларни жойларда чуқур ўрганиш бўйича махсус давра суҳбатларини ўтказиш, уларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифлар билдирилди. Қўмита фаолиятини бугунги кун талаблари асосида йўлга қўйиш, асосий фаолият йўналишларини ҳамда 2014 йилда амалга оширилиши лозим бўлган режаларни янада такомиллаштириш, уларнинг ижросини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қўмитанинг Соғлом бола йилида амалга ошириладиган аниқ мақсадли режаларини ишлаб чиқишда қишлоқ ёшларининг сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий маданиятини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий-аҳлоқий асосларини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, болаларда жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш масалаларига ҳам эътибор қаратилиши лозимлиги қайд этилди.
Тадбир якунида қабул қилинган Қўмита қарорида аграр соҳага оид ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш борасида сусткашликларга барҳам бериш ҳамда амалдаги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан мутахассислар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида амалий таклифлар ишлаб чиқиш, аграр секторда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ижара муносабатларини, оилавий тадбиркорликни, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ишларини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, мамлакатда агро-биотехнологияларни кенг татбиқ этиш, илм-фан-амалиёт интеграциясига, малакали кадрлар етиштиришга, тадбиркорлар ва фермерлар томонидан ишлаб чиқариш амалиётига саноат усулларини кенг татбиқ этиш юзасидан аграр соҳага оид ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга қаратилган аниқ мақсадли тавсиялар ўрин топди.
www.parliament.gov.uz
Обсудить новость на Форуме