12:49 26.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚЎМИТА БИОТЕХНОЛОГИЯЛАРНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Фанлар Академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институтида ўтказилган “Аграр соҳага биотехнологияларни татбиқ этиш истиқболлари ва ҳуқуқий жиҳатлари” мавзуидаги илмий-амалий конференцияда Президентимизнинг “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори илм-фан ютуқларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жараёнида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. 

 Конференцияда аграр соҳанинг селекция, уруғчилик, чорвачилик, ўсимликшунослик, тупроқшунослик ҳамда сув хўжалиги каби тармоқларида биотехнологиялардан фойдаланиш, олимлар томонидан яратилаётган инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш мавзуида қатор маърузалар тингланди.

 — XXI аср илм-фани инсониятга юксак технологиялар ва илмий ихтироларни тақдим этаётгани ҳеч кимга сир эмас, — деди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Ориф Шарипов. – Хусусан, кейинги йилларда биология фанида юз бераётган янгиликлар қишлоқ хўжалиги, экология ҳамда тиббиётга оид айрим муаммоларга самарали ечим топиш, бу борадаги инновацияларни ишлаб чиқаришга муваффақиятли жорий этиш имконини берди. Энг муҳими, ғўза геномикаси ва биотехнологиясини ривожлантириш, унинг серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навларини яратиш, ўсимликларни муҳофаза қилишда биологик усулларни қўллаш бўйича олинган натижалар илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда.

Тадбирда, шунингдек, асримизнинг энг долзарб муаммоси — экологик ўзгаришлар, ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашуви, тупроқ дегродациясининг ортиб бориши аграр соҳада биотехнологиялардан унумли фойдаланишни тақозо этаётганига эътибор қаратилиб, био, нано ҳамда инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши, соҳани тараққий эттириш баробарида харажатларни ҳам кескин қисқартириши таъкидланди. Айниқса, Фанлар академияси тизимидаги қатор муассасалар томонидан чорва чиқиндиларидан биоўғит ва биогаз ишлаб чиқариш, экинларнинг ҳосилдорлиги ва тупроқ унумдорлигини оширувчи биостимуляторлар яратилгани иқтисодиётга катта фойда келтирмоқда.

— Биотехнологиялар – БМТ томонидан  XXI аср технологияси, дея расман эътироф этилган ягона йўналишдир, — дейди Полимерлар кимёси ва физикаси институти катта илмий ходими, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Ноила Воҳидова. – Европа Иттифоқи давлатларида биотехнологияларни ривожлантириш мақсадида 2008-2013 йилларга мўлжалланган махсус дастур, АҚШда эса ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосини таъминлайдиган федерал қонунлар қабул қилингани ҳам бежиз эмас. Кейинги йилларда Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Япония биотехнологияларни ривожлантириш бўйича муайян натижаларга эришди. Масалан, илк бор 2000 йилда биотехнологияларга устувор йўналиш сифатида эътибор қаратган Ҳиндистон бугунга келиб мазкур йўналишнинг ўзидан йилига 2 млрд. АҚШ доллари атрофида даромад олмоқда. Хитой эса 2020 йилга бориб биотехнологик маҳсулотлар ҳажмини 500 млрд. долларга етказишни режалаштирган.

Таҳлиллар мамлакатимиз аграр соҳасида ҳам биотехнологияларга асосланган илғор ишланмалар муайян натижалар бераётганини кўрсатмоқда. Аммо шунга қарамай конференцияда соҳага бўлган эътиборни янада кучайтириш талаб этилаётгани таъкидланди.
Маърузалардан кейинги баҳс-мунозаралар чоғида O`zLiDeP фракцияси аъзолари анжуман иштирокчилари эътиборини биотехнологияларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлаш зарурияти юзага келганига қаратдилар. Уларнинг фикрича, мазкур соҳага оид қонунчилик нормаларининг такомиллаштирилиши, айни йўналишни комплекс тартибга соладиган алоҳида қонун лойиҳасининг тайёрланиши ва қабул қилиниши биотехнологияларни жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Конференция қатнашчилари депутатлар ташаббусини қўллаб-қувватлаб, парламент вакиллари, соҳа олимлари ва амалиётчилар ўртасида уч томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантиришга келишиб олдилар.
 
Анжуман якунида қўмитанинг тегишли хулоса ва тавсиялари ишлаб чиқилди.

Озод РАЖАБОВ,
«XXI asr»


Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме