05:00 09.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

O`zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
– Ислоҳотларнинг бугунги босқичида бошқа соҳаларда бўлгани каби қимматли қоғозлар бозорида ҳам самарали тизимни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Шавкат Тешаев. – Шунинг учун ҳам 2008 йилда қабул қилинган «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этиляпти. Жумладан, корпоратив ҳисобланмайдиган облигацияларни чиқариш тартиби ва шартларини аниқлаштириш, қимматли қоғозлар билан боғлиқ битимларни тузиш ва рўйхатга олишни электрон кўринишда амалга ошириш тартибини жорий этиш, қимматли қоғозлар бозорига оид ахборотлардан ноқонуний фойдаланилганлик учун жавобгарлик ўрнатиш шулар жумласидандир. Бундан ташқари, инвестиция фонди ва депозитарийлар фаолиятига қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқиш, брокерлик хизматини кўрсатиш бўйича комиссия шартномаси ва топшириқларини бош ишончномага алмаштириш, республика норезидентлари томонидан қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш шартларини белгилаш назарда тутилмоқда. Ш.Тешаевнинг айтишича, бундай ўзгартиш ва қўшимчалар O`zLiDeP электорати манфаатларига тўла мосдир. 
Йиғилиш иштирокчилари ушбу қонун лойиҳасининг асосий ғояси қимматли қоғозларнинг республика молия бозори ва умумиқтисодиётдаги рақобатбардошлигини янада оширишдан иборат эканига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, Президентимизнинг 2011 йил 7 январдаги қарори билан тасдиқланган 2011-2015 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотлар кўламини чуқурлаштириш ва кенгайтириш, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини шакллантириш мезонларини ва баҳолаш тизимини белгилаш ҳамда амалга ошириш чора-тадбирлари дастурида белгиланган инвестиция лойиҳаларига капитал жалб этиш ва саноатга йўналтирилаётган инвестицияни ошириш заруратидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида қимматли қоғозларнинг янги турини – инфраструктуравий облигацияларни чиқариш кўзда тутилмоқда. 
Хорижий тажрибадан келиб чиқиб эса қимматли қоғозлар бозорида депозитарий ва ҳисоб-китоб – клиринг палатаси алоҳида лицензияланадиган профессионал фаолият турлари сифатида бекор қилинмоқда. Депозитарий функциялари инвестиция воситачисига, ҳисоб-китоб ва клиринг функциялари эса тегишлича банк ва қимматли қоғозларнинг савдо ташкилотчиларига  ўтказилаётир. Шунингдек, қонун лойиҳаси орқали Корея фонд биржасининг тавсияларига мувофиқ, қимматли қоғозлар айланмасини рағбатлантириш, фонд бозорида ишбилармонлик муҳитини яхшилиш мақсадида қимматли қоғозлар бўйича битимлардан олинадиган даромад (фойда) солиғи ўрнига давлат йиғими жорий этиляпти.
Фракция йиғилишида, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Муҳокамалар чоғида депутатлар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ва жиноий жазо тизимини ислоҳ қилишга қаратилган, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимояланишида, қонунийликни таъминлашнинг таркибий қисми ва демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг натижаси сифатида амалга оширилган ишлар замонавий ва барқарор жиноят қонунчилигини яратишга имкон берганини алоҳида таъкидладилар.
– Жиноий жазо айбдор шахсларни тузатиш ва жиноий фаолиятини давом эттиришга тўсқинлик қилиш, маҳкумлар ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилар экан, бу борадаги қонунчиликни янада либераллаштириш масалалари суд-ҳуқуқ соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади, – деди йиғилишда O`zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Комилов. – Шу боис «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини инсонпарварлик намунаси ва жиноят қонунчилигининг алоҳида нормаларини либераллаштириш бўйича ташланган навбатдаги қадам, дея баҳолаш мумкин.
Янги қонун лойиҳаси орқали суд жарима тариқасидаги жазони тайинлаган шахсга нисбатан қамоқда сақлаш муддатини ҳисобга олиш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган ва қасддан унча оғир бўлмаган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо суд томонидан озодликдан маҳрум қилишга алмаштирилган маҳкумлар учун тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ тартиблари белгиланяпти.
Фракция аъзоларининг хулосасига кўра, қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонунчиликда мавжуд айрим зиддиятларни бартараф қилиши баробарида жиноят қонунчилигини либераллаштириш бўйича суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларини, маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик муносабатини белиглаши, жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигининг ҳуқуқий нормаларини такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унинг қабул қилиниши, шубҳасиз, жиноий жазоларни либераллаштириш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва ҳукм қилинган шахсларнинг жамиятдан ажралмаган ҳолда тузалишига ёрдам беради.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллаш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Озод РАЖАБОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 8 май, 18 (546)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме