14:00 11.09.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Қ.Эргашев, ЎзЛиДеПнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси

Президент Ислом Каримов, Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклар экан, ривожланишнинг юқори кўрсаткичларига эришишда муҳим омил ҳисобланган халқимизнинг меҳнатсеварлиги, матонати ва жасоратига юксак баҳо берди. Бунда тарихан қисқа давр мобайнида Ўзбекистон асрларга тенг йўлни босиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон эски мустабид тузум, унинг асоратлари ва мафкурасидан бутунлай воз кечиб, тобелик ва қарамлик даврига барҳам бериб,  кечаги ночор, ўзини ўзи боқишга кучи етмаган ўлкадан бугун ўзининг куч-қудрати ва салоҳиятига таянган, ўз сарҳадлари, халқининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган, халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллаган, тез ва барқарор суръатлар билан ўсиб бораётган мустақил ва суверен давлатлар қаторига кўтарилди. Бугун барча давлатларни катта ташвишга солаётган, ҳали-бери давом этаётган, жаҳон миқёсида энг долзарб, энг оғир масала бўлиб турган молиявий-иқтисодий инқирозни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон охирги етти йил давомида дунёдаги саноқли давлатлар қаторида ўртача 8-8,5 фоиз иқтисодий ўсишга эришаётгани мамлакатимиз салоҳияти барқарор ривожланиб бораётганининг яққол далилидир.

Мамлакатимиз замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш, фуқаролик жамиятини барпо этиш, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини янгилаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификациялаш бўйича кенг миқёсли вазифаларни амалга ошириш эвазига халқаро майдонда эътироф этилган муваффақият ва юксак натижаларга эришди.

Истиқлол йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 3,7 баробар, аҳолимизнинг реал даромадлари жон бошига 7 баробар, ўртача пенсия миқдори   қарийб   9   баробар,   ойлик   иш   ҳақи  эса  18 баробар ошгани, одамларимизнинг умр кўриш даражаси ўртача 7 йилга узайгани, ёқилғи ва ғалла мустақиллигига, ўзимизни ўзимиз гўшт, сут ва бошқа истеъмол моллари билан тўлиқ таъминлашга эришилди.

Партиямиз мамлакатни ўз кучи ва салоҳиятига таянган ҳолда, халқнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллаш йўлида жадал ва барқарор ривожлантириш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилмоқда. Партиямиз фаолияти бундан кейин ҳам мустақиллигимизнинг илк кунларидан эълон қилинган «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун»  тамойилини ҳаётга тадбиқ этишга қаратилади.

   

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме