22:15 14.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚАРШИДА АМАЛИЙ МУЛОҚОТ

Қарши шаҳрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича ҳуқуқий эксперимент ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси: узвий боғлиқлик ва уларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерлик ҳаракатини янада ривожланишига таъсири” мавзуида амалий мулоқот ўтказилди. 

Анжуманда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, ҳамкор ташкилотлар, фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари, мутахассислар, партия фаоллари иштирок этди.

Давра суҳбатида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М. Тешабоев, вилоят Фермерлари кенгаши раиси Б. Сафаров, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи С. Бобоқулов ва бошқалар сўзга чиқиб, бир-бирига ўзаро узвий боғлиқ бу икки қонун лойиҳаси кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши, уларнинг такомиллаштирилиши ва қабул қилинишидан тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар манфаатдор экани таъкидланди.  

- Партиямиз ушбу қонун лойиҳаларини маромига етказиш жараёнида ўз электорати бўлган мулкдорлар қатлами манфаатлари ҳар томонлама ҳисобга олинишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди, - деди тадбирда сўзга чиққан Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Робахон Абдурасулова. -Тадбиркорлар, фермер хўжаликларининг таъсирчан ўзини ўзи бошқариш механизмларини яратиш, уларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан ўзаро муносабатини такомиллаштириш юзасидан аниқ амалий таклифлар билан иштирок этаётгани қонунларнинг мукаммал қабул қилинишида муҳим асос бўлади. Қонун ижодкорлиги фаолиятининг муҳим, замонавий усулларидан бири ҳисобланган ҳуқуқий экспериментлардан фойдаланиш миллий қонун ижодкорлиги жараёнини демократлаштириш, жамиятнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, фуқаролар сиёсий фаоллигини ошириш ва жамоатчилик эътиборини энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларига қаратишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашни истардим. 

Йиғилиш иштирокчилари давлатимиз раҳбарининг қонун лойиҳаси бўйича ҳуқуқий тажриба ўтказишга оид фармойиши қабул қилиниши Ўзбекистоннинг ҳуқуқий амалиётида янги, ноёб тажриба бўлиб, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасида амалга оширилаётган демократик туб ўзгаришларнинг мантиқий давоми экани, бу услуб сўз ва ахборот эркинлиги, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасида илк бор қўлланилаётгани, у қонун лойиҳаси нормаларини янада такомиллаштириш, демократик принципларга асосланган янги ҳуқуқий ҳужжатларни синовдан ўтказиш услубини қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жорий этиш учун қўшимча имкониятлар очиб беришини алоҳида эътироф этди.  

- Жаҳонда кечаётган глобаллашув ва интеграция, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий модернизация жараёнларида ахборот, хусусан, ахборот эркинлиги  ва очиқлиги масаласи  шахс,  жамият ва давлат  ҳаётида тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда, - деди Қарши туманилик тадбиркор Қундуз Каромова. - Аксарият электорат вакиллари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан ахборот олиш, мазкур масала юзасидан тегишли органларга мурожаат қилиш ёки “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳим янгилиги ҳисобланаётган “электрон мурожаат”дан фойдаланишда етарли тажрибага ва кўникмага эга эмас. Тарғибот-ташвиқот ишлари, ҳуқуқий эксперимент жараёнида партия электорати, тадбиркор ва фермерларнинг фаол иштироки таъминланиб, қонун лойиҳаларини такомиллаштириш борасида уларнинг амалий таклифлари ишлаб чиқилаётгани ижобий натижаларни беради. Қонун лойиҳасини амалиётда синовдан ўтказиш, авваламбор, фуқароларнинг, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермерларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг эса аниқ ва сифатли қарорлар қабул қилиш борасидаги масъулиятини оширади.  

Тадбир иштирокчилари фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб билдирилган амалий таклифларнинг барчаси инобатга олинишидан, шунингдек, партия электорати вакилларининг ахборотга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахсларнинг фермерлик фаолиятига, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор барча меъёрий ҳужжат ва қарорлар билан ўз вақтида танишиб чиқиш имкониятини яратиш ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда бу борадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонунларнинг мукаммал қабул қилинишидан манфаатдор эканини таъкидлади. 

Касби туманидаги “The West Star” фермер хўжалиги раиси, туман кенгаши депутати Валерий Самиев эса Президентимизнинг қўллаб-қувватлови боис қишлоқда ҳал қилувчи кучга айланган фермерлар ўз зиммасидаги масъулиятни тўла англаган ҳолда ижтимоий-сиёсий жараёнларда тобора фаол иштирок этаётганига эътибор қаратди. 

Қизғин савол-жавоблар ва баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган амалий мулоқот якунида мавзу юзасидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида тегишли хулоса ва тавсиялар қабул қилинди.
                       O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят КенгашиМатбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме