17:15 21.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҚАРДОШЛИК АЛОҚАЛАРИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНАДИ
Равшан АСҚАРОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O`zLiDeP фракцияси аъзоси
— Қозоғистон Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан бўлиб, 2012 йил якунларига кўра, мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 9,6 фоизга ошган ва 2 миллиард 752 миллион АҚШ долларини ташкил этган. 2013 йилнинг январь-апрель ойларида эса ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 фоиз ўсди ва 920,4 миллион долларга етди.
Шу ўринда бундай ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамловчи юздан ортиқ ҳужжат имзоланганини алоҳида қайд этиш жоиз. Хусусан, эркин савдо, инвестицияларни биргаликда ҳимоялаш ва рағбатлантириш, икки томонлама солиқдан қочиш сингари келишувлар шулар жумласидандир.
Маълумки, O`zLiDePнинг Сайловолди платформасида белгиланган устувор йўналишлардан бири бу бевосита савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қиладиган юксак технологияларни жорий этиш ва хорижий инвестициялар ҳажмини кўпайтириш масаласидир.
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳануз давом этаётган бугунги шароитида эса ўзаро товар айирбошлаш ҳажми динамикасини сақлаб қолиш ва уни янада кўпайтириш Ўзбекистон ва Қозоғистон манфаатларига хизмат қилади, албатта. Музокараларда алоҳида таъкидланганидек, мувозанатлашган тизим асосида ҳамда икки мамлакат миллий ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг ўзаро эҳтиёж мавжуд бўлган товар гуруҳларини синчковлик билан аниқлаш орқали ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш шу маънода ҳам бирдек муҳимдир.
Барно АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси
— Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш айни вақтда бутун Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги ва равнақи нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда Президентимиз Ислом Каримовнинг ўтган йилнинг сентябрь ойида Қозоғистонга расмий ташрифи ўзаро алоқаларни янги, янада юксак даражага олиб чиқишга замин ҳозирлаганини таъкидлаш жоиз. Ўтган ҳафта икки давлат ўртасида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома эса ана шу аҳдлашувларнинг мантиқий давоми бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур шартнома Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият тўғрисидаги Концепциясига тўла мос келади. Чунки ушбу муҳим ҳужжатда минтақамиздаги давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб қўйилган.
Кези келганда, Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномада сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология, маданий-гуманитар, ҳарбий-сиёсий ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий принцип ва устувор йўналишлари мустаҳкамланганига эътибор қаратиш зарур.
Минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик алоқаларини мувофиқлаштириш масалалари бу галги музокараларда ҳам етакчи ўринга чиққани бежиз эмас. Шу маънода ташриф давомида томонлар Ўрта Осиёда сувдан адолатли фойдаланиш тизими масалаларида ягона позицияни тасдиқлагани эътиборга молик. Бу минтақадаги барча сув-энергетика муаммоларини фақат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳал этиш зарурлигига асосланади. Дарёларнинг юқори қисмида қурилиши режалаштирилаётган ҳар қандай гидротехник иншоотлар БМТ шафелигидаги халқаро мустақил экспертизадан ўтказилиши шарт ҳамда Амударё ва Сирдарёнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатлар билан ўзаро келишиб олиниши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга ташрифи ўзбек ва қозоқ халқларининг кўп асрлик тарихий, маданий ва маънавий яқинлиги, мамлакатларимизнинг юксак даражадаги ўзаро ишончи ва ҳурмат-эҳтиромини яна бир бор тасдиқлаган ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиққан муҳим сиёсий воқеа бўлди. "XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 20 июнь, 25 (501)-сон
Обсудить новость на Форуме