18:15 04.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҚАЙСИ ПАРТИЯ ЁШЛАРГА ЯҚИНРОҚ
Маълумки, ҳар қандай давлатнинг ижтимоий потенциали, истиқболдаги ривожланиш кўрсаткичлари ёшларнинг жисмонан бақувват ва маънан соғлом улғайишига боғлиқдир. Зеро, айнан ана шу қатлам вакилларигина эртанги тараққиёт натижаларини белгиловчи асосий куч саналади. Шунинг учун ҳам истиқлол йиллари мамлакатимизда ушбу муҳим тамойилга қатъий амал қилинди. Бу эса эртамиз эгаларининг ҳар томонлама баркамол этиб тарбияланиши учун мустаҳкам замин яратди. Бугун мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 64 фоизини ёшлар ташкил этаётгани, улар орасида юксак салоҳиятли, билимли ва иқтидори, ноёб қобилиятлари билан ўз имкониятларини намоён этаётган, ҳеч кимдан кам бўлмаган минг-минглаб ёшлар борлиги қувонарли ҳолдир. Бу борада, энг аввало, ёшлар манфаатини ҳимоя қилишни кўзда тутувчи қонунчилик базасининг мустаҳкамлангани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга изчил татбиқ этилгани муҳим аҳамият касб этди. Юртбошимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида «Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ишлаб чиқиш билан боғлиқ жараён узоқ йиллар мобайнида бу соҳада талай муаммолар йиғилиб қолганини кўрсатди. Мен бунга ушбу дастур лойиҳаси устида саккиз ой мобайнида ишлаш жараёнида шахсан амин бўлдим. Шунинг учун ҳам бу оғир, масъулиятли, аммо ҳал қилишни асло пайсалга солиб бўлмайдиган ишни қадам-бақадам, изчиллик билан бажаришга бел боғладик», дея алоҳида таъкидланган эди. Ҳақиқатан ҳам узоқни кўзлаб, келажакда рўй бериши мумкин бўлган воқеа-ҳодисаларни теран англаган ҳолда билдирилган ана шундай фикрлар асосида таълим соҳасида олиб борилган ислоҳотлар беқиёс натижалар берди. Ҳаётимизда ижобий маънодаги «портлаш эффекти»га, яъни янги таълим моделининг кучли самарасига эришилди.Айрим давлатларда ўтган 22 йил мобайнида бирорта мактаб ёки таълим даргоҳи қуриш давлат дастури режасига киритилмаган бир пайтда юртимизда 2005-2010 йиллар давомидагина 7 минг 800 дан ортиқ умумтаълим муассасаси, 1 минг 500 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей барпо этилди. Дунёнинг энг яхши бешта бизнес-мактаби қаторига кирадиган Франциядаги «Инссад» халқаро бизнес-мактабининг 2012 йилги «Инновацияларнинг глобал индекси» маърузасида таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича Ўзбекистон дунёнинг 141 мамлакати орасида иккинчи ўринни банд этгани ҳам мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолатдир. Ана шундай бир пайтда ўз ғоя ва мақсадларини ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ўстириш, уларнинг давлат ва жамият қурилишидаги иштирокини таъминлашга йўналтираётган сиёсий партияларнинг бу борадаги фаолияти хусусида қандай фикр билдириш мумкин? Улар томонидан янги авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича қандай ташаббус ва амалий лойиҳалар илгари сурилмоқда? Мамлакат сиёсий майдонида ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратаётган партияларнинг ёшлар билан ишлаш бўлимлари фаолияти таҳлиллари ҳамма вақт бундай саволларга тўлиқ жавоб олиш имконини бермайди. Тўғри, ўтган сайловлардан кейинги вақт мобайнида сиёсий партиялар ёшлар масаласига эътиборни кучайтириб, ишлаб чиқилган махсус режа асосида муайян йўналишларда турли тадбирлар ташкил этмоқдалар. Аммо ана шундай тадбирлар амалда қандай натижалар бераётгани тўғрисида маълумотлар етарли эмаслигидан ҳам кўз юммаслик керак. Шунинг учун ҳам ўтказилаётган айрим тадбирлар ижро ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар соясида қолиб кетаётганга ўхшайди.Бу эса ёшларнинг сиёсий партияларга бўлган ишончи ва қизиқишига таъсир ўтказмай қолмаяпти. Маълумотларга кўра, бугун барча сиёсий партиялар аъзоларининг 45 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бу 400 минг нафарга яқин йигит-қиз у ёки бу сиёсий кучнинг вакили, деганидир. Айни пайтда юртимиз аҳолисининг қарийб 16 миллион нафарини 18 дан 35 ёшгача бўлганлар ташкил этиши ҳисобга олинса, партияларнинг ёшлар масалалари бўйича олиб бораётган ишларини янада жонлантириш лозимлигини англаб етамиз.Бинобарин, бундан ўн йил муқаддам сиёсий саҳнага чиққан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси таркибида «ёшлар қаноти» фаолияти йўлга қўйилиб, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида қатор амалий ишлар олиб борилаяпти. Айни кунда ўз сафига 81 мингдан зиёд ёшни бирлаштирган партиянинг «Ёшлар қаноти» 2012 йилда ҳам ёшлар йўналишида бир қатор лойиҳаларни амалга оширди. Хусусан, «Диплом билан — бизнесга», «Ишбилармон талаба», «Парламентда менинг ўрним», «Агар мен депутат бўлсам...», «Хавфсиз интернет» каби лойиҳалар ҳамда «Давлат ва жамият ривожининг ҳозирги босқичида мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнларининг долзарб масалалари» мавзусидаги илмий-амалий анжуман ва ушбу тадбир доирасида ўтказилган «Ёш олимлар ва тадқиқотчилар» танлови партия ва ёшлар ўртасидаги муносабатларда муҳим роль ўйнади, дейиш мумкин. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ёшлар борасидаги нуқтаи назарини ифодаловчи «Истиқбол» Ёшлар қаноти эса 2006 йилда ташкил этилган. Айни пайтда мазкур партия аъзоларининг 31,2 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Ҳисоботларда келтирилишича, 2008 йилдан буён мунтазам ўтказилаётган «Ёш сиёсатчи» танлови ёшларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий билимларини оширишга йўналтирилган ЎзХДПнинг энг йирик лойиҳаси саналади.«Миллий тикланиш»ДПда ҳам дастурий мақсад ва вазифаларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, партия сафига янги авлод вакилларини кенгроқ жалб этиш мақсадида партиянинг «Ёшлар қаноти» фаолият олиб бормоқда. Партия «Ёшлар қаноти»нинг Таъсис Конференцияси 2009 йилнинг 15 апрель куни бўлиб ўтган. ЎзМТДПнинг 120 мингга яқин аъзосидан 49 127 (42,3 фоиз) нафарини эса ёшлар ташкил этади. Партия вакилларининг айтишларича, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини таъминлаш, уларда юрт келажагига дахлдорлик ҳиссини шакллантириш мақсадида 2012 йилда 3500 дан ортиқ тадбирлар ўтказилган. «Баркамол ёшлар – обод Ватан келажаги» шиори остида минтақавий ёшлар форумлари, ёшларни соғлом турмуш талаблари асосида тарбиялаш, спортга жалб этиш ва улар ўртасида соғлом муҳит яратишга қаратилган «Миллий халқ ўйинлари» фестиваллари ҳам шулар жумласидандир.Ўзбекистон «Адолат» СДПда эса ёшлар билан ишлаш бўлими — «Ёш адолатчилар» қаноти фаолият олиб бормоқда. Партиянинг мазкур тузилмаси «Адолат» дастуридан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини ёшлар онгига сингдириб бормоқда. Ҳозирда партия аъзоларининг 43,2 фоизидан кўпроғини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. «Ёш адолатчилар» қаноти республикамиз ҳудудлари бўйлаб «фуқаролик жамиятини шакллантиришда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий онгини ошириш», «Жамият тараққиётида ёшларнинг роли», «Гиёҳвандлик — аср вабоси», «Одам савдосига қарши кураш ва унда ёшларнинг ўрни», «Ёшлар сиёсати ва Фуқаролик жамияти институтлари» каби туркум тадбирларни ўтказмоқда.Шубҳасиз, бундай тадбирларнинг изчил ўтказилаётгани сиёсий партияларнинг ёшлар масаласига жиддий ёндашаётгани, мазкур йўналишда тизимли режа ва дастурлар асосида иш олиб бораётганини кўрсатади. Лекин шу билан бирга ҳозирги замон талаби ёшлар ўртасида партияларнинг ғоя ва мақсадларини кутилган даражада оммавийлаштиришга эришиш учун бу масалага эътибор янада кучайтирилиши лозимлигини кўрсатмоқда. Зеро, партиялар фаолиятида учраётган бундай камчилик ва нуқсонларга ўз вақтида эътибор қаратилса, ёшларнинг сиёсий партиялар фаолиятига қизиқишлари ортади. Илгари сурилаётган ғоя ва мақсадларни қўллаб-қувватловчилар доираси кенгаяди. Бугун тобора шиддат билан ривожланиб бораётган глобаллашув жараёнлари, шубҳасиз, келажагимиз бунёдкорларини турли ғоявий таъсирлар домига тушиб қолишдан сақлаш, уларни эртанги кунимизнинг ҳақиқий эгаларига айлантиришдек масъулиятли вазифа сиёсий партияларнинг ёшларга оид сиёсатини янада такомиллаштиришни тақозо этади. Зеро, янги авлод вакиллари жамият ҳаётида ҳал қилувчи куч сифатида ҳаётимизга дадил кириб келмоқдалар. Инновацион лойиҳалар устида бош қотириб, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшаётган, тадбиркорлиги, ишбилармонлиги билан ном қозонаётган, жаҳон миқёсида Ўзбекистон номини янада кенгроқ ёяётган ҳам асосан янги авлод вакилларидир. Бу жараёнда сиёсий партияларнинг ёшлар билан ҳамкорлиги ниҳоятда муҳим масала эканини яна бир бор таъкидлаш лозим. Бундан ташқари, сиёсий партиялар мустақилликнинг қанчалик буюк неъмат эканини ёшларга тушунтириш, бугунги тараққиётимиз, тинч ва осуда ҳаётимиз ўз-ўзидан бўлмаганини, у кимларнингдир қўли билан эмас, халқимизнинг матонати, букилмас иродаси ва буюк қалб жасорати эвазига бунёд этилганини чуқур англатишлари даркор. Зеро, келажагимиз эгаларининг ёшлик шижоати ва қизиқувчанлигини тўғри йўналтира олиш бизни янада буюк мақсадларга етаклайди.
Қаҳрамон САЙДАЛИЕВ,Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси тингловчиси
“XXI-asr”
Обсудить новость на Форуме