15:45 19.05.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ғолиблар Тошкентда учрашадилар
Ўқув-семинарнинг Самарқанд вилоят босқичида опа-сингилларимизнинг туман босқичида ғолиб бўлган 66 нафари иштирок этиб, уларнинг 5 нафари республика босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритдилар.
— Мен Пахтачи туманиданман, — дейди «Равза Султонобод Саховат сервис» хусусий корхонаси раҳбари, босқич ғолиби Розия Ботирова. — Жамоамиз асосан тикувчилик ва қандолатчилик билан шуғулланади. Айни пайтда макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Корхонамизда 20 нафардан зиёд йигит-қизлар меҳнат қилмоқдалар. Бундан ташқари, сервис хизмати йўналишидаги касб-ҳунар коллежи битирувчи қизларидан 40 нафарини ишга қабул қилишни режалаштираяпмиз. Партиямиз “Аёллар қаноти” томонидан ташкил этилган бундай тадбирлар бизга ўзаро тажриба алмашиш учун қўл келаётганини, солиқ, адлия тизими ҳамда Савдо-саноат палатаси мутахассислари ёрдамида ўз ҳуқуқий билимларимизни бойитганимизни алоҳида таъкидламоқчиман.
Навоий вилоятида эса тадбиркорликка иштиёқманд 55 нафар хотин-қиз орасидан Шоҳиста Қувондиқова ва Шоира Тоировага ғолиблик насиб эдти. Илмий-амалий ўқув-семинар якунида ғолиблар ўз бизнесини йўлга қуйиш учун дастлабки маблағ, яъни «Микрокредитбанк» вилоят филиалининг 2,5 млн. сўм миқдоридаги кредит сертификатлари билан тақдирландилар.
— Тикиш-бичиш сирларини мукаммал эгаллаганимга қарамай, тадбиркор сифатида иш бошлашга иккиланардим. Сабаби бизнес-режа тузиш, кредит олиш учун зарур ҳужжатларни тўплаш мен учун ниҳоятда мушкул туюларди, — дейди Ш.Қувондиқова. — O`zLiDeP вилоят кенгашидаги ўқувларда безнес-режа тузишни ўргандим. Мутахассисларнинг тавсиялари асосида ишлаб чиқилган ана шу бизнес-режам билан ғолиб бўлдим.
Қадимдан уста-ҳунармандлари, моҳир чеварлари-ю зардўзлик санъати билан бутун дунёни ўзига мафтун этаётган Бухоронинг тадбиркорликда ҳам, уй-рўзғор юмушларида ҳам уддабурон бўлган 59 нафар аёллари орасидан 3 нафарига республика босқичи учун йўлланма берилди. Университет талабаси, вобкентлик Зарнигор Тошева тақдим этган бизнес-режа соҳа мутахассислари томонидан ижобий баҳоланди.
Талаба қизнинг пухта ўйланган ва бозор шароитига мослаштирилган лойиҳаси навбатдаги босқичдан ҳам муваффақиятли ўтса, Вобкент туманининг 20 фоиз аҳолисининг қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи қондирилади. Зарнигорнинг ўзига ўхшаш 10 нафар ёшлар эса иш билан таъминланади.
— Яратилаётган ана шундай шарт-шароитлар туфайли тадбиркор аёлларимиз сони йилдан-йилга ортиб бораяпти, — дейди O`zLiDeP Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими етакчи маслаҳатчиси Нилуфар Ҳотамова. — Бугун партиядошларимизнинг 20 минг нафардан зиёди тадбиркорлик, фермерлик билан шуғулланаётгани ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Биргина 2010 йилда улар томонидан 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Тошкент ва Навоий вилоятларидаги йирик тадбиркор аёлларимиз эса хорижий давлатлардан жалб этилган инвестициялардан фойдаланиб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқармоқдалар. «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳасидан кўзда тутилган мақсад ҳам хотин-қизларимизда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, бизнес-режа тузишда ва банклардан имтиёзли кредит олишда уларга кўмаклашишдан иборатдир.
Кўриниб турибдики, O`zLiDeP ғоялари асосида ўтказилаётган уч босқичли «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳаси жойлардаги тадбиркорликка лаёқати бор аёлларни бирлаштириб, ижтимоий ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий, маънавий ҳамда интеллектуал ўсишига кўмаклашиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойларда хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этишда ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда. Бу эса O`zLiDeP “Аёллар қаноти”нинг сафи нафақат сон, балки сифат жиҳатдан ҳам ўсиб бораётганини кўрсатади.
Обсудить новость на Форуме